Муаллиф: : / Ёзилиш санаси : 2007-12-10
Фойдаланувчиларни сўроқлаш натижалари бўйича рейтинги : 0
Хордиқ ҳам керак
(Сайт маъмуриятидан)


Халқимизнинг "Оч баччағардан қоч баччағар" деган мақоли бор. Бу албатта моддий ғам бўлмиш қурсоқ ташвиши ҳақидаги ҳикмат. Тағин бу ҳикматга муқобил "Оч қорним - тинч қулоғим" дейилгувчи гап ҳам мавжуд. Моддий очлик бизнинг замонда асли унчалик хавфли эмас. Энг ёмони кишининг маънавий, яъни, руҳий очлиги. Яна халқимизнинг истеъмолдаги "Оч арвох" деган калимаси ҳам борки, бутамоми инсоният учун хатарли, дахшатли очликка ишора.

Умр бўйи қорнини қаппайтириб ялло қилиб юрганлар ўлгач ўша биз ёшликда қўрққан оч арвохларга айланадилар. Уларнинг озиқланмаган нимжон руҳлари қувватсизлиги туфайли арши аълога кўтарила олмай ерда изғиб юрадилар. Вайроналарда, дарахтларнинг ковакларида, хилватларда ёруғликдан беркиниб юрадилар. Кези келганда ўзини озиқлантириш учун тирикларнинг руҳларига тажовуз қиладилар - дея ёзади олимлар.

Шунинг учун фақат қорин, мансаб, молу дунё, шону шухратни яъни моддий нафси амморани ўйлаб юравермай руҳимизни ҳам озиқлантириб борсак фойдадан ҳоли бўлмайди дея ўйлайман.

Хўш, руҳни қандай боқамиз? Унинг емиши нима? Менинг фикри ожизимча руҳ озиғи "Шашмақом" аталган куйлар мажмуъаси даражасидаги мумтоз мусиқалар, Симфоник наволар, лирик проза ва албатта одам боласига ҳайрат бағишлашга қодир, ҳақиқий санъат даражасидаги лирик шеърлардир. Қуйида ҳукмингизга хавола қилинадиган Япон хайку ва танкалари ўша функцияни бажарувчи руҳият озуқасидир. Чунки бу шеърлар Оллоҳ тажаллосининг бир зарраси бўлмиш табиатнинг гўзал ибтидоий манзараларини тасвирлаш орқали инсонларга ёруғ кайфият бағишлайди.

Сўз сеҳри
(Холдор Вулқон хайку ва танка ҳақида)


Хайку ва танкалар ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб у ташвишлардан безган, ноҳақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, ҳорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгоҳи, хилватидир. Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларида чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар. Хайку ва танкаларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ. Хайкучилик ва танкачилик оз сўз билан кўп нарсаларни тасвирлай олиш санъати ўлароқ уларда қофия ва туроқ бўлмайди. Бу ихчам шеърларда товуш ва оҳанг қофия ўрнида хизмат қилади. Хайку ёки танка ёзаётган шоир қофияни қойиллатаман дея фикрни қурбон қилмайди.Бу гўзал ва ихчам шеърий усуллар қолипчилик қоидасидан озод, ҳазрати табиатнинг ўзидай ибтидоий, мусаффо, олий нафосат такягоҳидир.

Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар ҳолатини ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига
хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик зангидан, ғуборлардан тозалайди.

Хайку ва танкаларни шошилмай ўқимоқ ва ўқилган ҳар бир хайку ёки танка адоғида уларда акс этдирилган манзараларни тасаввур қилмоқ жоиз.

Хайку ва танкаларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини ҳис қилаётгандай, бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз. Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.

Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкулари ва танкаларини ўз таржимам орқали хукмингизга хавола қиларканман ,шундай ажойиб япон шоирларининг хайкуларини ва танкаларини она тилимизга ўгириш менга ҳам насиб этгани учун Жаноби Ҳаққа ҳамду санолар айтаман.

Негаки, Пайғамбаримиз Он Сарвари коинот Ҳазрати Муҳаммад Саллоллоху Аълайхи Ва Саллам ўз ҳадиси муборакларида марҳамат қилиб: - Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор - деганлар. Қолаверса, япон шоирлари тожу-тахт васвасаси, шахвоният ва молу дунё хирсидан йироқ ўз хайку ва танкаларида Оллоҳ яратган дунёнинг гўзал манзараларини акс эттириб бандаларга хайрат бағишлайди, инсонлар қалбида Оллоҳ қудратининг тажаллоси бўлган табиатнинг мусаффо гўзалигига мехр-муҳаббат уйғотади. Ушбу таржимадаги хайку ва танкаларни ўқиганлар камина фақирул хақирнинг ҳаққига ҳам дуолар қилар деган умиддаман.


БУНДАН 600 ЙИЛ АВВАЛ ЁЗИЛГАН ХАЙКУ ВА ТАНКАЛАР
(Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржимаси, 1983 - 2005 йиллар)



Яна ўша қарағайга
Илиниб қолибди
Менинг варрагим...

Кобаяси ИССА

* * *

Ажойиб варрак кўтарилди
Камбағалнинг томи устидан
Кўм-кўк осмонга...

Кобаяси ИССА

* * *

Сел тошқини.
Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда,
Қалъа атрофидаги зовурлар!

Масаока ШИКИ

* * *
Баҳор сели.
Океанга қуйилмоқда
Бўтана сувлар...

Ёса БУСОН

* * *

Движок сайта LDU 800
Страница создана за 0.057 секунд