Тарихимизда «қонли жума» сифатида қоладиган Андижондаги оммавий қотилликнинг 40 кунлиги якинлашмоқда. Халқимизни 23 июнни мотам куни сифатида ўтказишга чақирамиз. Шу кунги дуоларимизни бегуноҳ ўлдирилганларнинг руҳига бағишлайлик.
Бу мусибатли кунларда халқимизга мурожаат қиламиз. Агар биз ўзимиз келажагимиз учун курашга бел боғламасак, Андижондаги каби кунлар ҳаммамизнинг бошимизга келиши аниқ. Мавжуд диктатурадан қутулиш йўли ўта машаққатли, аммо, бу йўлдан боришга ва баъзибир қадамларни бугуноқ қилишга мажбурмиз.
Биринчи. 13 майдаги хунрезликни дунёга билдирган Андижонлик бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари, уларнинг кўпчилиги «Бирлик» Партиясининг фаоллари, ҳозир қамоқларга ташланган. Мана уларнинг исмлари: Саиджаҳон Зайнуддинов, Дилмурод Муҳиддинов, Бобожон Мусажонов, Муҳаммадқодир Отахонов, Акбар Орипов, Нурмуҳаммад Азизов. Уларни конституцион тузумга тажоввуз қилишда айбламоқдалар. Демократик руҳдаги одамларга бундай айбнинг қўйлиши, айни шаклда айбланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган ва ҳукумат тарафидан «ислом экастремистлари» деб аталаётган мусулмонларнинг ҳам айбсиз эканликларини кўрсатмоқдадир. Биз исми айтилган сафдошларимизни ва бошқа бегуноҳ қамалганларни озод этилишини талаб қиламиз, ҳаммани бу талабга қўшилишга чақирамиз.
Иккинчи. Андижон воқеалари мустақил комииссия тарафидан ўрганилиб, жиноят қилганлар жазоланмаса ва керакли сабоқлар чиқарилмаса, қонли кунлардан бошимиз чиқмайди. АҚШ, НАТО ва Европа Иттифоқи давлатлари Андижонда тинч аҳолининг ўққа тутилишини ўрганиш мақсадида халқаро комиссия тузишни талаб қилмоқдалар. Биз бунга қўшиламиз ва ҳаммани қўшилишга чақирамиз. Модомики, Ўзбекистон расмийлари у ерда халқаро терроризмнинг излари борлигини айтмоқдаларми, демак, воқеаларни халқаро комиссия ўрганишига рухсат беришлари шарт.
Учинчи. Ўзбекистонни бошқараётганлар мамлакатимизни чуқур бўҳронга дучор қилдилар. Ундан чиқишнинг ягона йўли мамлакатимизда жиддий сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказишдир. Сиёсий ислоҳатларнинг илк қадами сифатида - мустақилликка эришишимизда ҳал қилувчи роль ўйнаган ва мамлакатимизда демократиянинг ғалабаси учун биринчи бўлиб кураш бошлаган «Бирлик» Партияси расман тан олиниши ҳамда давлатни бошқаришга жалб этилиши керак. Шундагина «Бирлик» бўҳрондан чиқишни ҳам назарда тутган ўз дастурини ҳаётга тадбиқ қилиш имкониятига эга бўлади. Биз ҳаммани ушбу талабимизни қўллаб қувватлашга ва «Бирлик» сафларига қўшилишга чақирамиз.
Бугун Ўзбекистон халқи дунё жамоатчилигининг ёрдамига ҳам муҳтождир.
Ғарб давлатлари Каримов ҳукуматидан Андижон воқеаларини ўрганиш учун халқаро комиссия тузишга рухсат бериш ва демократияга йўл очишни талаб қилаётганлари олқишга сазовор. Биз улардан Ўзбекистон ҳукуматига яна ҳам самаралироқ таъсир кўрсатишни сўраймиз. Айни замонда, улар мамлакатимиздаги демократия тарафдорларини бугунгидан ҳам кўпроқ қўллаб қувватлашларини истардик.
Биз яқинда демократик инқилобларга саҳна бўлган Украина, Гуржистон ва Қирғизистон, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ҳаракатида юрган қардош Туркия давлатларининг расмийлари ҳамда Россия Федерациясининг демократик кучларидан Андижон воқеаларига ўз муносабатларини билдиришларини кутамиз.
«Бирлик» Партияси Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун бошлаган конституцион йўллар доирасидаги курашини ҳеч вақт тўхтатмаслигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозим.