Бирлик тарихи
24 May 1989
Ўзбекистон "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг Дастури
Демократик ва мустақил Ўзбекистон учун! ЎЗБЕКИСТОН "БИРЛИК" ХАЛҚ ҲАРАКАТИНИНГ Д А С Т У Р И "Қизил империя"нинг қулаши сабабли Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилиниши республикамизни тўла ва демократик мустақил давлатга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу воқеанинг аҳамиятини камситиб бўлмайди. Лекин бу кунда ҳақиқий мустақил давлатга айланиш учун қилинадиган ишларга, хусусан бизга империядан қолган тузумнинг тоталитар коммунистик руҳини тубдан ўзгартириб, жамиятни демократлаштириш масаласига эътиборни кучайтириш кераклиги ўз-ўзидан равшан. Ўзбекистонда унинг янги мавқеидан келиб чиқиши лозим бўлган инқилобий ўзгаришлар бўлаётгани йўқ. Аксинча, консерватив ва ҳатто баъзи ҳолларда реакцион кучлар, ҳокимият қўлларида эканлигидан фойдаланиб, ҳамма нарсани эскича қолдиришга ва фақат ўз мавқеларини мустаҳкамлашга интилмоқдалар. Бундай аҳволда бозор иқтисодиётига ўтиш йўлидаги ҳар қандай ислоҳот мағлубиятга маҳкумдир. Айни пайтда ижтимоий-иқтосодий ва экологик инқироз чуқурлашмоқда, миллатлараро муносабатлар кескинлашиши давом этмоқда. Юзлаб аёл-қизларимизнинг ўзларини ёқишлари, болалар ўлимининг кўплиги умумининқирозий жараёнларнинг дастлабки кўринишлари бўлиб, халққа нисбатан олиб борилаётган ҳар тарафлама истибдод сиёсатнинг мевасидир. Аммо аҳволни "Бирлик"нинг Дастурида кўтарилган таклифларни чала ярим тарзда ҳукумат ўз режаларига кўшиб олгани ҳам тузата олмайди. Чунки бу режаларни амалга ошириш учун мавжуд тузум яна маъмурий-буйруқбозлик усулларини қўлламоқчи эканлиги кўриниб турибди. Ҳокимият халқ иродасини ифода этувчи кучлар ҳисобига шаклланмас экан, республикадаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, экологик муаммоларни ҳал этиб бўлмагани каби, миллатлараро муносабатлардаги таҳлиқали аҳволни ҳам тузатиб бўлмайди. Мамлакатни чуқур инқироздан чиқариш учун ўтказилиши зарур бўлган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг самараси аҳолининг ўқимишли қисми бўлган зиёлиларнинг фаоллик даражасига боғликдир. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон зиёлилари, биринчи навбатда хамма ерда, ҳар доим ҳақиқий ватанпарвар бўлган ижодий зиёлилар, шахсга сиғиниш ва турғунлик замонида ўзларига сингдирилган кўрқув ва унинг натижаси бўлмиш лоқайдлик туйғуларидан қутула олмаётирлар. Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг келажаги учун бутун тарихий маъсулиятни ўз бўйнига олишга қурби етадиган ташкилотларнинг шаклланишини тезлатиш объектив заруриятдир. "Бирлик" халқ ҳаракати ўзи ёки бошқа демократик кучлар билан бирга шундай маъсулиятни ўз зиммасига олишга тайёр зэканлигини баён қилади. Ҳаракат Дастурининг янги таҳрири юқоридаги хулосалар, Ўзбекистондаги мавжуд вазият, Ҳамдўстлик ва бутун дунёда бўлаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг йўналишларидан келиб чиқиб тузилган. 1. Асосий мақсадлар "Бирлик" халқ ҳаракати Ўзбекистонни чуқур иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий инқирозидан олиб чиқиб, мустақил демократик ҳуқуқий республикага айлантириш учун кураш истагидаги кишиларни миллати, диний эътиқоди ва келиб чиқишдан қатъий назар, ихтиёрий равшида уюштирувчи ижтимоий-сиёсий ташкилотдир. Ҳаракат Ўзбекистон республикаси Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, ЕХҲТ(Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти)нинг хужжатлари, ҳамда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуклар ҳақидаги бошқа халқаро битимлар доирасида иш юритади. "Бирлик" халқ ҳаракатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: - ижтимий-сиёсий фолликни ўстириш орқали Ўзбекистон халқларини ижтимоий карахтликдан, лоқайдликдан ва мавжуд тузум олдидаги қўрқувдан халос қилиш ва оммани республиканинг камолати учун курашга жалб этиш; - Ўзбекистонда ижтимоий адолат, умуминсоний қадриятларга ассосланган демократик тузимни ўрнатиш ва уни жаҳондаги ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш; - Ўзбекистонда Олий қонунчилик ҳокимияти, Ижроия ҳокимияти ва Суд ҳокимиятларининг мустақиллигига эришиш; Бунинг учун "Бирлик" халқ ҳаракати биринчи навбатда: - инсоннинг сиёсий ҳуқуқлари (сўз ва матбуот, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш, сиёсий партия ва ташкилотларга бирлашиш); - инсоннинг иқтисодий ҳуқуқлари (хусусий мулкка эга бўлиш ва иқтисодий тадбиркорлик эркинлиги); - фуқаролик ҳуқуқлари (эркин сайловларда қатнашиш, мамлакат ичкарисида эркин ҳаракат қилиш ва турар жой танлаш ҳамда чет мамлакатларга эркин чиқиб кетиш ва қайтиб келиш); - инсоннинг виждон ва эътиқод эркинлиги; - республикада яшовчи барча миллатларнинг тенг ҳуқуқлилиги тўла таъминланиши лозим, деб ҳисоблайди. 2. Сиёсий тузум масаллари "Бирлик" халқ ҳаракати умуминсоний қадриятлар бирламчи эканлигидан келиб чиқиб, жамият сиёсий структураси ҳақиқий кўппартиявийлик, ва демак, кўпфикрилкдан иборат бўлиши учун курашади. Сиёсий партия ва ҳаракатларнинг соғлом сиёсий рақобати ва адолатли сайловларгина бир партия ёки ҳаракатнинг монополияси, ҳар қандай диктатуранинг пайдо бўлишига барҳам беради. Демократик жамиятда зўравонлик, жамиятнинг турли қатламлари орасига душманлик ва нифоқ солишни мақсад қилиб қўйган сиёсий ташкилотлар бўлмаслиги керак. "Бирлик" халқ ҳаракати жамиятда бундай сиёсий ташкилотларнинг пайдо бўлишини олдини олиш учун керакли бўлган ҳуқуқий тадбирлар жорий қилиниши керак, деб ҳисоблайди. Эркин жамиятда яшаётган инсон ўз тақдири учун ўзи жавобгардир. Шу сабабли эркин жамият шароитида давлат инсонинг иқтисодий ва бошка фаолиятига аралашмаслиги керак. Эркин фукароларнинг мутлоқ кўпчилигининг умумий мақсадларни амалга оширишда улар давлатга ушбу ваколатларни берадилар: - мамлакат ҳудудини ва унинг фуқаролари манфаатларини ташқи тажовуздан ҳимоя қилиш; - фуқароларнинг қадр-қиммати, шаъни, мулкчилик ва маънавий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; - қонунлар ва шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш; - пул-кредит системаси равон ишлашиши таъминлаш; - иқтисодий эркинлик ва бозор фаолиятини ҳимоя қилиш; - табиат ва атроф-муҳитнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш; - ижтимоий кам ҳимояланган фукаролар манфаатини ҳимоя қилиш ва шу кабилар. Давлат ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилмаслиги, қонунни поймол қилувчи назоратсиз кучга айланмаслиги учун қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятларининг бир-биридан ажратилган бўлиши зарурдир. "Бирлик" ҳалқ ҳаракати Ўзбекистонда Президентлик ҳокимияти бўлиши тарафдори бўлиб, қонун президентга эмас, президент қонунга хизмат қилишини талаб этади. Ҳокимиятнинг қуйидан то юқори поғоналаригача барча бўғинлари президент назорати остида фақат қонунга хизмат қилиши сўзсиз таъминланиши лозим. Ўзбекистондек ҳали демократик анъаналар, структуралар ривожланмаган мамлакатда президентлик лавозими билан ижроия ҳокимият бошлиғи лавозимини қўшиб юбориш авторитар диктатура режимига олиб келиш ўзимизнинг ва бошқа нодемократик давлатлар мисолида яққол кўринди. Шундан келиб чиқиб "Бирлик" халқ ҳаракати ҳукумат бошлиғи, яъни Премьер-министр лавозимининг салмоғи ва масъулияти оширилиши, бу лавозим президентники билан қўшилмаслиги ва унга ҳукуматни бошқаришда кераклича ваколат берилиши билан биргаликда тўла жавобгарлик ҳам юкланиши керак, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида президент ваколатлари авторитаризм ва диктатурага айлантиришга имкон бермайдиган доирада белгиланиши керак. Жойларда ижро этувчи ҳокимият ўша жойларнинг барча аҳолиси томонидан сайланиши лозим. Ўзбекистонда Олий қонун чиқарувчи орган 200-250 депутатдан иборат Олий Кенгаш ёки Миллий Мажлис бўлиб, депутатлар сиёсий партиялар ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар номзодлари ҳамда мустақил номзодлар рўйхатлари бўйича сайланиши ва доимий равишда, яъни профессонал асосда ишлашлари керак. Суд системаси жазолайдиган орган бўлмасдан, балки инсон хуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қиладиган, ҳуқуқ ва адолатга асосланган, қонунчилик ва ижрочилик ҳокимиятларидан тўла мустақил бўлган одил системага айланиши керак. Суд ҳокимиятининг мустакиллиги жамиятнинг ҳуқуқий маданияти даражасига чамбарчас боғлик. Шу сабабли суд системасининг ислоҳоти жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини кўтариш ҳамда суд ҳокимиятига давлат ва жамият муносабатини ўзгартириш орқали ўтказилиши лозим. 3. Иқтисодий масалалар Ўзбекистон чукур иқтисодий, ижтимоий ва экологик инқирозга учраганлиги тўғрисидаги "Бирлик" халқ ҳаракатининг баҳоси ҳозир ҳамма тарафлар томонидан тан олинди. Иқтисодий инқироз мулкчиликка бўлган давлат монополияси ва маъмурий-буйруқбозлик системасининг натижасидир. Иқтисодда демократик принциплар, яъни мулкчиликнинг турли, биринчи навбатда хусусий формаларига кенг йўл очиш, ҳар бир инсонга эркин иқтисодий тадбиркорлик қилиш учун шарт-шароит яратиш, инсонинг ўзига хослигига тазйиқ ўтказмаслик, ташки дунё билан ўзаро манфаатдорлик ассосида савдо-сотиқ қилиш, "очиқ эшиклар" сиёсатини кенг қўллаш каби тадбирлар юксак ривожланиш гаровидир. "Бирлик" халқ ҳаракати иқтисодиётга хўжалик юритишнинг бозор системасини жорий қилиш тарафдори бўлиб, жамият аъзоларини барча иқтисодий эркинликлар билан таъминлаш бу принципнинг ассосий қирраси, деб ҳисоблайди. Бозор муносабатларига ўтишнинг дастлабки босқичларида меҳнаткашларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш учун ушбу тадбирлар амалга оширилиши лозим: - давлат мулкининг асосий қисмини тезлик билан хусусийлаштириш ва(ёки) корхоналарни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш; - турли мулкчилик шаклларига эга бўлган корхоналар ва тадбиркорлардан олинадиган солиқ ставкаларини пасайтириш ва улар учун экспорт ва импорт операцияларини ўтказишни соддалаштириш; - халқ исътемоли, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (товарлари) ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ер эгалари учун имтиёзли солиқлар системасини яратиш; Давлат мулкини хусусийлаштириш (мулкчиликнинг бошқа шаклларига ўтказиш)да: - ҳар бир инсонинг манфаатлари ҳисобга олиниши ва ҳар бир фуқарога давлат мулкининг маълум бир қисимига текинга эга бўлиш имконияти берилмоғи лозим. - қишлоқ хўжалиги, саноат, маиший хизмат, савдо соҳаларига оид корхоналар ва ер хусусийлаштирилаётган ёки мулкчиликнинг бошқа шаклларига ўтказилаётган пайтда мулк эгалари "оёкда туриб олиши" учун уларга давлат томонидан субсидиялар ажратилиши ва халқ хўжалигининг хусусий сектори учун чет эл инвестицияси кенг жалб килинишига шароит яратилиш керак. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон раҳбарияти оғизда "бозор иқтисодиётига ўтаяпмиз" дегани билан, аслида уни обрўсизлантириш, ёки халкдан яширин ҳолда давлат ва ҳукмрон партия идораларида ишлаетган ходимлар қатламига давлат мулкини бўлиб бериш ва шу билан жамиятда ноқонуний йўл билан бойиган синф ҳосил қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу эса жамиятда қарама-қаршиликни кучайтирмокда. Ўзбекистон аграр мамлакат бўлганлиги сабабли қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳот катта аҳамиятга эга. "Бирлик" халқ ҳаракати қишлоқда иктисодий ислоҳотнинг бирдан-бир йўли ернинг асосий қисмини деҳконларга хусусий мулк килиб кайтариб бериш деб билади. Ер эгалари ўз манфаат ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб кооператив, кичик корхона, уюшма ва бошқа турдаги бирлашмаларга уюшиши мумкин. Иқтисодий ислоҳот ўзини оқламаган инсон эрки ва манфаатини камситувчи маъмурий-бюрократик системасининг усуллари билан эмас, шартнома, инвестиция ва солиқ сиёсати орқали амалга оширилиши керак. Бунинг натижасида қуйидаги масалалар ечилиш лозим: - қишлок хўжалик ва чорвачилик хомашёларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар (чет эл сармояси иштирокидагилар ҳам дохил) сонини кўпайтириш, тайёр маҳсулотни дунё бозорига чиқариш; - саноат ва кишлоқ хўкалигида корҳоналарни хусусийлаштириш ёки мулкчиликнинг бошқа шаклларига ўтказиш йўлидан бориб, бошқарув системасидаги ортиқча бўғинлар (министрликлар, тармоқлар, қишлоқ хўжалигида колхоз ва совхозлар) ни тугатиш ва бошқалар. "Бирлик" халқ ҳаракати Ўзбекистон халқлари фақат ерга боғланиб қолиши тарафдори эмас. Чуқур иқтисодий ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалигида юксак технология ва фан ютуқлари кенг қўлланилабошлаши сабабли қишлоқда ортиқча ишчи кучи пайдо бўла боради, халқнинг интеллектуал потенциалини ошириш масаласи олдинги позицияларга ўта бошлайди. Шу сабабли келажакда шаҳар аҳолисини кўпайтириш (урбанизация) сиёсатига алоҳида эътибор бериб, аҳолини илғор технологияли саноат ишлаб чиқариш (электроника, работехника ва бошқа) корхоналарига жалб қилиш лозим. Ўрта Осийда сув муаммосининг кескинлиги ҳамда Орол эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда сув сарфлашнинг илмий асосланган йўлларини танлаш, барча соҳаларда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, бу соҳада дунё тажрибасидан фойдаланиш биринчи навбатдаги вазифалардан бўлиши керак. 4. Ижтимоий-сиёсий ташкилотларга муносабат Ўзбекистон "Бирлик" халқ ҳаракати ва Ўзбекистонда пайдо бўлган бошқа ижтимоий-сиёсий ташкилотлар бутун жаҳонда кейинги йилларда содир бўлаётган демократик ўзгаришлар натижасида вужудга келдилар. Ўзбекистонда биринчи бўлиб демократик ғояларни кўтариб чиққан ва коммунистик тоталитаризмга қарши очикдан-очиқ кураш бошлаган "Бирлик" бундан буён ҳам жумҳурият ва бутун дунёдаги демократик ташкилотлар билан асосий мақсадларни амалга ошириш йўлида, хусусан жамият ҳаётини демократиялаштириш, инсон ҳуқукларини тўла таъминлаш учун ўзаро тенг ҳуқуқлилик ассосида ҳамкорлик қилади. Демократик позицияларда туриб Ўзбекистон истиқболи учун курашаётган ижтимоий ва сиёсий ташкилотлар ўз Низом ва мақомларини сақлаган ҳолда "Бирлик"ка коллектив аъзо бўлиб киришлари мумкин. Собиқ КПССнинг Ўзбекистондаги ташкилоти мулкини унинг ўрнида қонунга хилоф равшида тузилган ХДПга берилиши кескин қораланадиган фактдир. Ўзкомпартиянинг вориси бўлган ХДП унинг беҳисоб жиноятларига ҳам ворисдир. Шу сабабларга кўра бу партия тарқатилиши, унинг мулки мусодара қилиниши ва қилинган жиноятлар учун Ўзбекистон халқи олдида сиёсий жавоб бериши керак. "Бирлик" халқ ҳаракати диний-сиёсий ташкилотларнинг таъқиқланганини, қатор партия ва ижтимоий-сиёсий ташкилотларнинг турли баҳоналар билан рўйхатга олинмаётганинни қоралайди ва буларни Ўзбекистонда демократик негизларнинг атайлаб бўғилиши, деб ҳисоблайди. "Бирлик" халқ ҳаракати фақат қоғозда, сўзда халқчил фикрлар айтиб, амалда халққа қарши юритилаётган сиёсатга ўз улушини қўшаётган фирқа ва гуруҳларга изчил салбий баҳо беради ва уларни фош қилади. 5. Инсон ҳуқуқлари ва адолат масалалари Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг тўлиқ таъминланиши жамият ривожланишининг зарурий шарти эканлигини барча тараққий топган мамлакатлар мисоли яққол кўрсатди. Бу эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари нафақат маънавий категория, балки иқтисодий категория ҳам эканлигини билдиради. Ўзбекистон "Бирлик" халқ ҳаракати ўз фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Ўзбекистонда фақат қоғозда (конституцияда) эмас, балки амалда бажарилиши ва натижада у дунёдаги тараққий этган давлатлар ҳамжамиятига тўлақонли аъзо бўлиб кириши учун қилинадиган интилишларга алоҳида ўрин беради. Ўзбекистон парламенти Ўзбекистон Конституциясини ва қонунчиликни Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари акс эттирилган ассосий халқаро хужжатлар - "Инсон хуқуқлари умумжаҳон декларацияси" (1948 йил 10 декабрь), "Хельсинки Шартномаси" (1975 й), "Вена Кенгашининг якунловчи ҳужжати" (1989 йил 15 январь) ҳамда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги бошқа битимлар, хужжатларга мос келтириши лозим.. Бу - Ўзбекистонни ҳуқуқий давлатга айлантириш жараёнини тезлаштиришга кафолот беради. Бу ишлар бажарилгунга қадар Ўзбекистон парламенти Республикада Инсон ҳуқуқларига оид халқаро шарномалар бирламчилигини таъминлайдиган Қонун қабул қилиши зарур. Жамиятимизда демократик тузумни мустаҳкамлашда сайлов системасининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг сайловлар тўғрисидаги қонунлари, халқни алдаш учунгина киритилган баъзи ҳолатларини ҳисобга олмаса, турғунлик йиллари руҳида тузилган ва ҳукмрон номенклатуранинг демократияга қарши қуролидир. Бу қонунлар қайта ишлаб чиқилмаса, демократия учун кураш ҳукумрон партия(номенклатура) томонидан ижтимоий-сиёсий кескинликни кучайтирувчи омил сифатида талқин қилинаверади. Фақат демократик сайловлар орқали халқ иродасини ифодаловчи ҳокимият органларини шакллантириш мумкин . Бу органларга ҳамма ташкилотлар, шу жумладан сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар ҳам қонун асосида бўйсунишлари керак, акс ҳолда бирон-бир фирқа ёки ташкилотнинг яккаҳокимлиги жорий этилиши мумкин. Адолат ва ҳуқуқ масалалари тўғрисида гап борар экан, ватанларидан шахсга сиғиниш сиёсати қувғин қилган халқлар тақдирига тўхталмасдан ўтиб бўлмайди. Крим татарлари, месхет турклари ва бошқа халқларнинг поймил қилинган ҳуқуқлари тикланиши, улар тўла оқланишлари, иродаларига биноан ватанларига қайтишлари, илгаригидек ўз давлат тузумларига эга бўлишлари шарт. "Бирлик" халқ ҳаракати уларга ўз ҳамкорлигини билдиради ва қўлдан келганча ёрдамини беради. Коммунистик тузум дастидан юртини тарк этишга мажбур бўлиб чет элларда яшаятган ватандошларимизга ва уларнинг авлодларига ҳеч бир шартсиз фуқаролик ҳаққи танилиши керак. 6. Динга муносабат "Бирлик" халқ ҳаракати диндорлар жамоаси ҳозирги ижтимоий тараққиёт, инсонпарвар жамият қуриш жараёнининг нуфузли ва таъсирли кучи сифатида ўзининг муносиб тарихий ролини ўйнаш керак, деб ҳисоблайди. Бунинг учун ҳар бир инсон фақатгина ўзига хос бўлиш, ўз дини ёки маслагига якка ўзи ёки бошқалар билан биргаликда эътиқод қўйиш, шунингдек таълим олиш, ибодат қилиш ва диний расм-русмлар ҳамда маросимларни адо этишда оммавий ёки якка тартибда риоя қилиш эркинлигига эга бўлиши керак. Эътиқод масаласидаги бундай эркинлик, ўз-ўзидан маълумки, диндорлар тарафидан ҳам диний расм-русмларга риоя қилиш ёки қилмаслик эркинлигини эътироф этишни талаб қилади. Ташқи кўринишдангина қарама-қаршиликка ўхшаб кўринадиган бу икки хил эркинлик замон талаби экпнлигини ва "Инсон Ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси"дан келиб чиқишини тарғибот қилиш ўта жиддий вазифалардан бўлиб, уни тўғри ҳал этиш жамиятимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Тоталитар тузум таъқиби остида йўқолиб бораётган имон ва эътиқодни тиклаш жамиятимизда вужудга келган манънавий қадриятларга бўлган муносабатларни тубдан кўриб чиқишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, ўз вақтида тортиб олинган масжид ва мадраса биноларини таъмирлаб ўз эгаларига қайтариш, хоҳловчилар учун ўрта мактабдан бошлаб диний таълим-тарбия бериш ва шу каби тадбирларни амалга оширмоқ лозим. 7. Ижтимоий масалалар Ўзбекистонда ўта кескин ижтимоий норозиликнинг асосида хавфли равишда ўсиб бораётган ишсизлик ётади. Уни камайтиришнинг асосий йўлларидан бири саноатниг меҳнатталаб ва айни пайтда кўп капитал маблағ талаб қилмайдиган соҳаларини жадал суръатлар билан ривожлантиришдир. Биринчи навбатда енгил ва тўқимачилик саноатида кичик корхоналарни ташкил этишни рағбатлантириш лозим. Ишсизлик асосан қишлоқ жойларида бўлган учун аҳолининг республика ичидаги ва ташқарисидаги мобиллигини кескин жонлантириш мақсадида қатор тадбирларни амалга ошириш керак бўлди. Ишсизларга махсус нафақа тўлашни ташкил этиш ижтимоий адолат нуқтаи-назаридан энг долбзарб масалалардан бири бўлиши керак. Аёллар меҳнатини ҳуқуқий нормага мослаш, уларга ҳар томонлама ижтимоий фойдали меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, кўп болали аёлларни нафақа билан таъминлаб ишдан озод қилиш лозим. Республикада соғлиқни сақлаш ишларининг ниҲоятда қолоқ аҳволда эканини ҳисобга олиб, бу соҳага ажратиладиган маблағларни кескин ошириш керак. Кадрларнинг савияснини кўтариш, тиббиётни ва тиббий хизматни ривожлантиришда жаҳоннинг илмий ҳамда амалий тажрибасидан кенг фойдаланиш, улардан амалий ёрдам олишни йўлга кўйш керак. Таълим ва тарбия, таҳсил системасининг замонавий талаблар даражасида бўлишни таъминлаш Ўзбекистоннинг барча соҳаларда ривожланиши ҳамда жамиятимизнинг ривожланган жамиятлар қаторига чиқиш учун замин бўлиши керак. Бунинг учун халқ таълимига ажратилдиган маблағ давлат бюджетининг асосий қисмларидан бирини ташкил этиши керак. Фанни ривожлантириш ва фан-техника ютуқларни хлқ хўжалигига қўллашнинг катта ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини, ҳамда тараққий этган мамлакатларда фан-техника асосий ишлаб чиқариш кучига айланганини ҳисобга олиб, бу соҳага эътибор давлат ва жамиятнинг диққат марказида бўлиши лозим. 8. Миллий-маданий масалалар Халқнинг миллий ғурурини, миллий-маданий қадриятларини тиклаш республика мустақиллигини мустаҳкамлаш учун курашда асосий омиллардандир. Миллий ғурур ва миллийликни аралаштирмаган ҳолда ҳар қандай кўринишдаги катта миллатчилик (шовинизм) ва миллатчиликни қоралаш, бундай кайфиятларга қарши курашишни "Бирлик" ўз фаолиятининг асосларидан бири, деб ҳисоблайди. Миллатлараро муносабатларда мавжуд зиддиятларни алоҳида ўрганиш ва ошкора қилиш, миллатлар орасида низо кўзғаш учун қилинган ҳар қандай иғвони зудлик билан фош этиш муҳим масаладир. "Бирлик" халқ ҳаракати маданий меросни муфассал ўрганиш, тарихан синовдан ўтган анъаналарни (одоб, ҳурмат, поклик, эътиқод, инсонпарварлик, мехр-оқибат ва ҳ.к.) тиклаш борасида фаол иш олиб боради. "Бирлик" халқ ҳаракати Ўзбекистонда яшаётган миллатларнинг ўз миллий-маданий марказларини ташкил этишларига ва уларнинг келгуси ишларига бор имкониятлари билан кўмаклашади, чет эллар билан маданий алоқаларни ривожлантириш замон талаби эканлигини таъкидлайди, бошқа мамлакатларда яшаётган ватандошлар, уларнинг ташкилотлари, биринчи навбатда Туркия ва АҚШдаги "Туркистон" ташкилотлари билан маданий алақаларни тиклашга фаол интилади ва ватандошлар яратган маданий бойликларни ўзбек миллий маданиятнинг таркибий қисми, деб ҳисоблайди. Ўзбекистоннинг турли археологик қазилма жойлари ва тарихий марказларидан бошқа шаҳарларга олиб кетилган осори атиқаларини қайтариш, республикада туризмни ривожлантириш муҳим масалалардандир. Уларни ҳал этиш ва айни пайтда чет эллардаги маданий, адабий меросимизни Ўзбекистонга асл ҳолида ёки нусхасини қайтариш масалалари давлат даражасида ечилиши керак. Ўзбекистон тарихининг янгидан, ҳар томонлама ва ҳолис тадқиқ этилиши, бу фаннинг мактабларда кенг ва тўла ўқитилишига эришиш зарур. Халқнинг маънавий-маданий тафаккурини кўтариш, маданий меросини замон билан боғлаш, эски ўзбек имлосини минг йиллик маданий мерос калити сифатида мактаб, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида кенг миқёсда ўргатилишига эришиш керак. Кайси имло амалда бўлиши масаласи кенг жамоат муҳокамаси натижасида ҳал қилиниши лозим. 9. Экологик масалалар "Бирлик" халқ ҳаракатининг бу жабҳадаги асосий мақсади жамиятда экологик дунёқарашни шакллантириш, инсон ва табиат бирлигини уқтириш, табиий бойликлар ва географик ландшафтлар келажак авлодларга ҳам хизмат қилажагини тушунтириш ва шу каби ишлардан иборат. Орол денгизни сақлаб қолиш регионимизнинг ҳаёт-мамот масаласи бўлгани учун Орол атрофидаги фожиага кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш ва ёрдам уюштириш мақсадида Орол атрофидаги регион республика ҳукумати томонидан экологик ҳалокат минтақаси, деб эълон қилиниши лозим. Қишлоқ хўжалигида ишлатилаётган заҳарли химикатлар миқдорини яқин йиллар ичида кескин камайтириш, кейинроқ эса бутунлай таъқиқ этиш йўналишида иш олиб бориш лозим. Лойиҳалаштирилаётган ва қурилаётган ҳар қандай корхона, иншоот жамоатчилик томонидан экологик экспертиза қилиниши лозим. Мавжуд, қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган сув омборларининг тақдирини ҳозирги кундаги экологик қийматларга бўлган янги муносабатларимиз нуқтаи назаридан кўриб чиқиш табиат олдигаги бурчимиз, инсоният олдидаги қарзимиздир. Ўзбекистонда табиат ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган химиявий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни зудлик билан экологик тоза ишлаб чиқаришга айлантириш ёки уларни тозалагичлар билан таъминлаш энг муҳим вазифалардандир. Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларида ва бошқа муҳим жойларда экологик вазиятга тааллуқли бўлган кўрсаткичларни мунтазам равишда матбуотда эълон қилиш, жойларда ер, сув ва ҳавонинг софлигини назорат қилувчи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилувчи жамоатчилик гуруҳларини уюштириб уларни тегишли ваколат билан таъминлаш лозим. 10. Армия ва мудофаа масалалари Фақат давлат мудофаасига таалуқли бўлган вазифалар билан шуғулланувчи республика армиясини тузиш вақти келди. Бундай армия келажакда хизматни касб сифатида ўтувчилардан иборат булиши керак. Демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб Республика армияси: - фақат халқ ва Конституцияга хизмат қилиши; - сиёсатдан четда туриши; - республиканинг ички ишларига мутлақо аралашмасдан фақат мудофаа вазифасини бажариши; - тоталитар тузум армиясидан фарқли ўлароқ хизмат жараёнини инсонпарварлик руҳида ташкил этиши лозим. Бу куннинг муҳим вазифаси сифатида армия сафига чақирилаётганлар шартномалар асосида хизмат қилишларини таъминлаш, альтернатив хизматни кенг жорий қилиш зарур. Мамлакат мудофааси кўп сонли кучли армия тузиш йўли билан эмас, балки қўшни мамлакатлар билан ўзаро ишонч муносабатларини ўрнатиш, умумий ҳавфсизлик, ҳудуд дахлсизлиги, ўзаро фойдали ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш асосида таъминланиши лозим. |